O'ZBEKISTON KINOFOTOFONO HUJJATLARI MILLIY ARXIVI



Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сон қарори ҳамда 2014 йил 3 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида қайта ишлаб чиқилган.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари Марказий давлат архивининг (кейинги ўринларда ЎзР КФФҲ МДА деб юритилади) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини “Архив иши тўғрисида”, “Маданий мерос объектларини қўриқлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда давлат архивларининг фаолиятига тааллуқли Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларига мувофиқ белгилайди.
2. ЎзР КФФҲ МДА Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди (кейинги ўринларда ЎзР МАФ деб юритилади) кинофотофоно ҳужжатларини жамлаш, ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этувчи давлат муассасаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига (кейинги ўринларда “Ўзархив” агентлиги) тўғридан тўғри бўйсунади ва унинг тизимига киради.
3. ЎзР КФФҲ МДА ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, “Ўзархив” агентлигининг фармойишлари, буйруқлари ва кўрсатмаларига, шунингдек, бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.
4. ЎзР КФФҲ МДА қошида “Идора қилиш аппарати”, “Турли муассаса ҳужжатларини йиғиш ва уларнинг қимматдорлигини аниқлаш”, “Ҳужжатларга илмий маълумот бериш ва услубий ишлар”, “Ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилиш”, “Ҳужжатлар сақловини таъминлаш”, “Моддий техник таъминот ҳамда бинодан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш” бўлимлари, шунингдек, “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва электрон ҳужжатлар сақловини таъминлаш” ва “Ҳужжатларни электрон библиографик каталогларини яратиш” секторлари ва “Ижро назорати ва иш юритиш маҳорати” ўқув курси фаолият юритади.
Бўлим ва секторлар ўз фаолиятларини ЎзР КФФҲ МДА Меҳнатни илмий ташкил этиш комиссияси (МИТЭК) томонидан кўриб чиқилган ва архив директори томонидан тасдиқланган низомлар асосида олиб борадилар.
2
5. ЎзР КФФҲ МДА Ўзбекистон Республикасидаги давлат ва идоравий архивларда сақланадиган кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувлар билан ишлаш бўйича республикадаги илмий-услубий марказ ҳисобланади.
6. ЎзР КФФҲ МДА ўз фаолиятини “Ўзархив” агентлиги томонидан тасдиқланган мазкур Низом асосида олиб боради.
II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КИНОФОТОФОНО ҲУЖЖАТЛАР МАРКАЗИЙ ДАВЛАТ АРХИВИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ
8. Қуйидагилар ЎзР КФФҲ МДАнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
архивни ўз ихтисослигидаги ҳужжатлар билан режа бўйича ва ўз вақтида тўлдириб бориш;
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларини давлат сақловига қабул қилиш;
ЎзР МАФнинг давлат сақловига қабул қилинган кинофотофоно ҳужжатларининг давлат ҳисоби юритилишини таъминлаш;
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларининг сақлови ва муҳофазасини таъминлаш;
алоҳида қимматли кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувларни суғурта фондини яратиш;
жамлаш манбаи идораларида кинофотофоно ҳужжатлар билан ишлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тушадиган мурожаатлар ижросини таъминлаш,
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатлари илмий-маълумотнома аппаратини яратиш ва такомиллаштириш;
архив ҳужжатларидан кенг миқёсда фойдаланиш ва нашр этишни ташкил этиш;
жамлаш манбаига киритилган ташкилотлар билан узвий алоқада иш олиб бориш;
тегишли вазирлик, муассаса, идора ва ташкилотларга кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувлар билан ишлашда илмий-услубий ва амалий жиҳатдан ёрдам бериш;
давлат архивининг жамлаш манбаи бўлган ташкилот ва муассасаларда идоравий сақловда бўлган ЎзР МАФ таркибига киритилган кинофотофоно ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳолати ва ҳужжатларнинг сақланиши юзасидан назоратни олиб бориш;
архившунослик, ҳужжатшунослик, археография соҳасида илмий-услубий ишлар олиб бориш, илмий-услубий ишлар натижаларини амалдаги андозаларга мувофиқ, кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувлар билан ишлашнинг ривожланган усулларини, шунингдек, архив иши амалиётига илғор тажрибаларни тадбиқ этиш;
архивга қабул қилинган ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувлар, шунингдек, депозитар сақловдаги ҳужжатлар сақловини таъминлаш;
архив иши ҳолатини таҳлил қилиш, тенденциялар ва қонуниятларни ўрганиш, уни ривожлантириш;
архив ишини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
3

архившунослик ва археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий ва методик ишларни, илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларни архив иши ва иш юритиш соҳасига қўллаш;
ЎзР МАФга тегишли бўлган ахборот ресурслар сақланишини таъминлайдиган электрон архивларни ташкил этиш ва фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш;
архив иши ва иш юритиш соҳасидаги мамлакатимиз ва чет эл илғор иш тажрибаларини ўрганиш ва оммалаштириш;
архив моддий-техник базасини ривожлантириш ва такомиллаштириш.
9. ЎзР КФФҲ МДА ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
архив ишини ривожлантириш ва архивлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиш;
шартнома асосида ташкилотлар ва фуқаролар сақловидаги кинофотофоно ҳужжатларига консервацион-профилактик ва илмий-техникавий ишлов бериш, қимматдорлиги экспертизасини ўтказиш, ҳужжатлар мавжудлигини текшириш ва кино-медиа хизматларини кўрсатиш ишларини ташкил этиш, олиб бориш ва натижаларини расмийлаштириш;
фуқаролардан қабул қилиб олинган шахсий фонд ҳужжатларини таснифлаш, ҳисобини олиб бориш ҳамда уларнинг илмий-маълумотнома аппаратини яратиш;
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда амалий ёрдам кўрсатиш;
архившунослик, ҳужжатшунослик, археография соҳасидаги илмий-методик ишларни ташкил қилиш, илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини архив иши ва иш юритиш амалиётига жорий қилиш;
фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
ҳужжатларнинг, шу жумладан давлат ахборот ресурсларининг илмий ва амалий қимматлилигини экспертизадан ўтказишни ҳамда уларни доимий сақлаш учун давлат сақловига, шу жумладан электрон архивга танлаб олиш;
ЎзР МАФнинг давлат сақловидаги кинофотофоно ҳужжатларини ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга ошириш, ҳужжатларнинг сақланиши ҳамда ушбу ҳужжатлардан фойдаланилиши бўйича белгиланган тартибга риоя қилиш;
жисмоний зарарланган кинофотофоно ҳужжатларни аниқлаш ва уларни таъмирлаш;
жамлаш манбаларига киритилган ташкилотларнинг рўйхатини тузиш;
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатлари шаклланадиган ташкилотларга тегишли гувоҳномаларни ўрнатилган тартибда бериш;
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларини рўйхатга олиш;
“Ўзархив” агентлигининг ЎзР МАФ Давлат каталоги учун маълумот тақдим этиш;
давлатга тегишли бўлмаган архив фонди кинофотофоно ҳужжатларини сотиб олиш юзасидан давлатнинг имтиёзли ҳуқуқини амалга ошириш;
идоравий архивлар ишига тармоқлараро ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, идоравий архивларида сақланаётган кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувлар билан амалга ошираётган ишларни ўз ҳуқуқ ва ваколати доирасида ташкилий-услубий жиҳатдан назорат қилиш;
4
идоравий архивлар шохобчаларини ривожлантириш ва уларнинг ишларини ташкил этиш бўйича тадбирларда қатнашиш;
маълумотнома-ахборот фондини юритиш ва ундан самарали фойдаланишни ташкил қилиш;
архив ҳужжатлари асосида илмий тадқиқот ишларини олиб бориш;
архив иши ва иш юритишга оид услубий қўлланмалар, йўриқномалар ва низомлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш;
ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларини эълон қилиш ва улардан фойдаланишни ташкил этиш, ҳужжатлардан фойдаланиш ҳисобини олиб бориш;
мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий сўровларни бажариш ҳамда ташаббусли ахборотлар тайёрлаш, кўргазмалар уюштиришда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
фойдаланувчилар учун шарт-шароитлар яратиш;
архив ҳужжатларини, шу жумладан, ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларининг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги маълумотнома-ахборот адабиётларини нашр этиш, ретроспектив ахборотларга бўлган ижтимоий эҳтиёжларни ва ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш;
чет элдаги Ўзбекистон тарихига оид архив кинофотофоно ҳужжатларини аниқлаш ва уларни ёки уларнинг нусҳаларини ўрнатилган тартибда олиш ишларида иштирок этиш;
нодавлат архиви эгаларига ушбу архивларнинг кинофотофоно ҳужжатларини тўлдириш, сақлаш ва улардан фойдаланишда тегишли тавсияларни бериш;
архив таъминотига оид молиявий масалалар хусусидаги таклифларни республика бюджети лойиҳаси учун ўрнатилган тартибда “Ўзархив” агентлигига киритиш;
иш юритиш ва ижро назорати бўйича ходимларини қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш юзасидан ўқув курсларини ташкил қилиш;
архив иши ва иш юритиш соҳасида кадрларни сифатли тайёрлашда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасаларига кўмаклашиш;
ЎзР МАФнинг ахборот ресурслари ва электрон кинофотофоно ҳужжатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ишларини ташкил этиш;
кинофотофоно ҳужжатларнинг электрон каталогларини яратиш;
архив кинофотофоно ҳужжатларини алоҳида қимматли ҳужжатлар ва ноёб ҳужжатлар жумласига ўрнатилган тартибда киритиш, шунингдек, суғурта нусҳаларини яратиш ва сақлаш;
фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятларини ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш;
кинофотофоно ҳужжатлар ва видео-овозли ёзувлар билан ишлашда услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш, мустақил равишда ёки бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда архив иши масалалари ҳамда бошқа йўналишлар бўйича илмий изланишлар олиб бориш, натижаларни архив иши амалиётига тадбиқ этиш;
турли инвестициялар, шунингдек, чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳамда уларни сифатли ишлатилишини таъминлаш;
архивда сақланаётган ЎзР МАФ ахборот ресурслари ва электрон кинофотофоно ҳужжатлари ҳавфсизлиги таъминланишини ташкил этиш;
ЎзР КФФҲ МДА қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажаради.
5
III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КИНОФОТОФОНО ҲУЖЖАТЛАР МАРКАЗИЙ ДАВЛАТ АРХИВИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ
10. ЎзР КФФҲ МДА ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига архив иши ва иш юритишни ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этиш;
архивда сақланаётган ЎзР МАФ кинофотофоно ҳужжатларини белгиланган тартибда нашр этиш, архив кинофотофоно ҳужжатлари мазмуни ва таркиби ҳақида илмий-маълумот, илмий-оммабоп адабиётлар чоп этиш;
жамлаш манбаига киритилган ташкилотларнинг идоравий сақлаш босқичидаги архив кинофотофоно ҳужжатлари сақланиши ҳолати ташкил этилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш, ўз ваколатига тегишли масалалар бўйича ахборотни улардан белгиланган тартибда сўраб олиш;
ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан ЎзР МАФнинг Давлат каталоги учун тегишли маълумотларни олиш;
жамлаш манбаларига киритилган ташкилотлардан архив иши ҳолати тўғрисида зарур материалларни олиш;
мансабдор шахсларнинг ЎзР МАФ ҳужжатларининг ўғирланиши, яроқсиз ҳолга келтирилиши, яширилиши, йўқотилиши ёки ноқонуний йўқ қилинишига олиб келган шароитлар яратганлиги ҳолатлари тўғрисида тегишли идораларга хабар қилиш;
жамлаш манбаи ҳисобланган ташкилотлар идоравий архиви томонидан ишлаб чиқилган кинофотофоно ҳужжатларнинг сақланиши масалаларига оид йўриқномалар ва бошқа норматив ҳужжатларга кўрсатмалар бериш;
ЎзР КФФҲ МДАнинг мансабдор шахси ўз хизмат мажбуриятларини бажариш учун жамлаш манбаи ҳисобланган ташкилотлар идоравий архивларига ўрнатилган тартибда кириш;
ЎзР КФФҲ МДА ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқадиган ваколати доирасида бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.
11. ЎзР КФФҲ МДА қуйидагилар учун жавобгардир:
Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондини шакллантириш, давлат ҳисобини олиб бориш, сақловини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондини йўқолиши, шикастланиши ва ноқонуний йўқ қилиниш ҳолларининг олдини олиш;
ЎзР КФФҲ МДА миқёсида Миллий архив фондининг Давлат каталогини юритиш;
архив кинофотофоно ҳужжатлари ва видео-овозли ёзувлардан фуқаролар, жамият ва давлат манфаатлари учун фойдаланиш.
IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КИНОФОТОФОНО ҲУЖЖАТЛАР МАРКАЗИЙ ДАВЛАТ АРХИВИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
12. ЎзР КФФҲ МДАга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги Бош директори буйруғи асосида тайинланадиган ва озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
ЎзР КФФҲ МДА директори:
6
архив фаолиятини ташкил қилади ва архив зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун жавобгарликни ўз бўйнига олади;
ўринбосарнинг ва тасарруфидаги бўлим мудирларининг жавобгарлик даражаларини белгилайди;
архивнинг асосий фаолияти ва ходимларга оид буйруқлар чиқаради ва уларга оид кўрсатмалар беради ҳамда бажарилишини назорат қилади;
архив ходимларининг белгиланган тартибда ишга олади ва ишдан бўшатади;
архив ходимларини мунтазам равишда малакасини ва амалий кўникмаларини оширишни таъминлайди;
архивнинг моддий-техник базасини доимий такомиллаштириш, замонавий технологиялар, шунингдек автоматлаштирилган ишчи ўринларини тадбиқ этиш бўйича тадбирларни амалга оширади;
меҳнат ва ижро интизоми, сўровларни ижро этиш сифати ва маданиятини доимий назорат қилиб боради;
ЎзР КФФҲ МДА таркибий бўлимлари Низомларни, ходимларнинг лавозим йўриқномалари, Эксперт-текширув услубий комиссияси (ЭТУК) тўғрисидаги Низом, Меҳнатни илмий ташкил этиш кенгаши (МИТЭК) тўғрисидаги Низомларни тасдиқлайди; ЎзР КФФҲ МДА ҳужжатларини корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга вақтинча фойдаланиш учун бериш, матбуотда нашр қилиш, тадқиқотчиларни архив ўқувхонасида ҳужжатлар билан ишлашига руҳсат бериш масалаларини ҳал қилади; ЎзР КФФҲ МДА фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, ҳужжатларни жамлаш, сақлаш, таъмирлаш, зарар етмайдиган ҳолда сақлаш (консервациялаш), нусха кўчириш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг самарали тизими ва усулларини жорий қилади; архивнинг ускуналар ва бошқа зарур материалларга бўлган эҳтиёжини аниқлайди, бинодан техник жиҳатдан фойдаланиш (техник эксплуатацияси)ни таъминлайди; ЎзР КФФҲ МДА базасида республика архивчиларининг касбий малакаларини оширишга имконият яратади, шунингдек, архив ходимларининг малакасини ошириш, архив ишини илмий асосда ташкил этиш ва иқтисодиётини ривожлантириш бўйича тадбирлар ўтказади; ўз ваколати доирасида ташкилотлар билан архив хизматларини кўрсатиш учун шартномалар тузади;
жамоа шартномаси ва меҳнат қонунчилигига асосан меҳнатни илмий ташкил этиш ва унга ҳақ тўлашни такомиллаштириш, архив ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш ва рағбатлантириш бўйича тадбирларни амалга оширади;
ўз фаолиятини “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги муассасалари, жамлаш манбаига киритилган вазирлик, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан алоқада, ишчан ҳамкорликда олиб боради;
архив ҳужжатлари ва маълумотларининг тўлиқлиги, бутлиги ва хавфсизлиги учун жавоб беради;
амалдаги қонунчиликка мувофиқ ваколати доирасида бошқа ишларни амалга оширади.
“Ўзархив” агентлиги томонидан тайинланадиган ва озод қилинадиган бир нафар директорнинг асосий фаолият бўйича ўринбосари бўлади.
7
13. ЎзР КФФҲ МДА фаолиятини молиялаштириш давлат бюджети маблағлари, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
14. ЎзР КФФҲ МДА давлат ташкилоти мақомидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.
15. ЎзР КФФҲ МДАнинг фаолият юритиши бюджет тасарруфидаги давлат ташкилотлари учун амалдаги қонунчиликда белгиланган талаблар ва қоидаларга мувофиқ олиб борилади.
Фаолиятига оид ҳисобот ҳужжатлари “Ўзархив” агентлиги ва бошқа ваколатли ташкилотларга белгиланган даврийликда ва шаклларда тақдим этиб борилади.
16. ЎзР КФФҲ МДАни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
17. ЎзР КФФҲ МДА ҳузурида:
Ишлаб чиқариш масалалари бўйича дирекция;
Меҳнатни илмий ташкил этиш кенгаши (МИТЭК);
Эксперт-текширув услубий комиссияси (ЭТУК);
Эксперт комиссияси (ЭК)
Ижтимоий-суғурта комиссияси фаолият юритади.
V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА
18. ЎзР КФФҲ МДА фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.