O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI KINOFOTOFONO HUJJATLARI

MARKAZIY DAVLAT ARXIVI


Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистондаги ноёб суратлари

Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистондаги ноёб суратлари

 

Улуғ адиб Чингиз Айтматов билан таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатлари туфайли дунёга келган “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори” китоби мухлислар учун топилма десак янглишмаймиз.

     Китобнинг “Кўзадан чиққан бош чаноқ ёки туркийларнинг тарихига бир назар” бобида Амир Темур, Бобуршоҳ, Мирзо Улуғбек каби саркарда, олим, алломалар ҳақида илиқ фикрларни айтган. Мисол учун, Олтин Ўрданинг емирилиши борасида шу кунгача тарихчилар Куликово жангига катта урғу бериб келишар эди. Бироқ бу борада Чингиз Айтматов биринчилардан бўлиб бор ҳақиқатни айтади. Олтин Ўрданинг “узил-кесил тарих саҳнасини тарк этишига сабаб – Ўрда билан Амир Темур давлати ўртасидаги қарама-қаршиликдир. Амир Темур донолиги, олижаноблиги билан донг таратди. У давлат арбоби сифатида санъат, илм-фан аҳлини даврасига чорлайди, уларга ҳомийлик қилади” деб таъкидлайди Чингиз Айтматов. Ана шу китобда малакали тарихчи эмаслигини, архивлардан ҳужжатли далил-дастаклар қидирмаганини айтиб, ўтган ёзувчининг суратлари бугун архивдан жой олган. Ҳа, ҳаёт қизиқ, биз Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивида бўлганимизда Ч.Айтматовнинг Тошкентда тушган ва олтин фондда сақланаётган суратларини кўрдик. Назаримда уларнинг ҳар бири тарихнинг нодир саҳифаларидан сўзлаётгандек. Бу суратларнинг биринчиси 1969 йилда олинган бўлиб, унда Чингиз Айтматов Тошкентда ўтказилган маданият ва санъат ҳафталигининг тантанали очилишида нутқ сўзлаётгани акс этган.

   Яна бири 1972 йилда олинган. Тўғри унда ёзувчи ёлғиз эмас, дўстлари билан суратга олинган. Унда самимий дўстона суҳбат, қувноқ ва бахтли чеҳралар акс этган. Архив ходимлари уларни бирма-бир таништирди. Эва Кива – Эстониялик киноактриса, Усмон Сембек – Сенегал кинОрежиссёри, Майя Аймедова – Туркманистонлик актриса ва Чингиз Айтматов. Улар Осиё ва Африка давлатлари ўртасида ўтказилган II халқаро кинофестивалида иштирок этиш учун Тошкентга келган. Орадан икки йил ўтгач, мазкур анжуман иштирокчилари яна Тошкентда йиғилдилар. III халқаро кинофестивалнинг ёпилишида Чингиз Айтматов делегация раҳбари сифатида ўз мулоҳазаларини билдирган дақиқалари суратда муҳрланган.

      Мана бу иккита сурат 1983 йилда Тошкентда олинган. Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчилари ассоциациясининг еттинчи конференциясида иштирок этган қирғиз ёзувчиси яна бир сафдоши К.Кулиев билан суратга тушган. Кейингиси ҳам ана шу тадбирдан олинган бўлиб, унда Ч.Айтматов, М.Ибрагимов, Н.Сафаровлар хорижлик ёзувчилар Или Икида (Нигерия), Али Оклл Арсан (Сурия) билан эсдалик учун суратга тушган. Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари марказий давлат архивида ёзувчининг 1995 йилда юртимиз ёзувчилари билан учрашгани акс эттирилган. Қайд этиш жоизки, улуғ адибнинг юртимизга, халқимизга бўлган муҳаббати, ҳурмати чексиз эди. Чингиз Айтматов адабиётимиз, маданиятимиз тарихини юксак баҳолаб, “Қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин“ деган сўзлари шу улкан меҳр-муҳаббатининг ифодаси эди.

 

0-95499.jpg

 

0-103242.jpg

 

0-129388.jpg

 

0-129400.jpg

 

0-154054.jpg

 

Сайёра Шоева, ЎзА​​